Қарши шаҳридаги 39-сайлов участкасида ҳам сиёсий партиялардан қўйилган номзодларга овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Ушбу сайлов участкасидан шаҳардаги Алишер Навоий ва Отчопар маҳаллаларида истиқомат қилувчи 2 минг 774 нафар сайловчи рўйхатдан ўтган. Шундан 92 нафар сайловчи илк бор овоз беради.
Сайловда кексаю ёш - барча фаол иштирок этиб, ўз иродасини ифода этмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова ҳам шу мақсадда мазкур сайлов участкасида бўлди.
- Халқимиз ўзи муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. – Биз бу жараённи орзиқиб кутган эдик. Мен ҳам сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурларини диққат билан кузатиб бордим. Таъкидлаш жоизки, номзодларнинг сайловолди дастурларида келтирилган таклифлар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилади. Номзодлар орасидан энг муносибига овоз бердим. Бу танловим юртимиз келажагига хизмат қилишига ишонаман.