Қашқадарё вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Видеоконференсия тарзида ўтказилган мажлисда туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 19-моддасига кўра, туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Шунга кўра, Қашқадарё вилоятининг 2 шаҳар ва 14 туман Кенгаши томонидан туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар таркиби шакллантирилиб, тасдиқлаш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган
Мажлисда ҳар бир номзод аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган, ўтган сайловларда тажрибаси бор, фидойи, ташкилотчи раҳбарлар ва фаоллар орасидан саралаб олингани қайд этилди.
Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни кўриб чиқиб, уларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мажлисда туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг вазифалари ва ваколатлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.