АРАЛАШ САЙЛОВ ТИЗИМИ – ПАРЛАМЕНТНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ

27.09.2024

150

msk_yangiliklari_in

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан бири - Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 25-моддасига асосан ҳар бир вилоятда ҳудудий сайлов комиссиялар тузилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан икки нафар ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзоси доимий асосда ишловчи бўлиб қабул қилинди.

 

Бу эса мамлакатимизнинг миллий сайлов қонунчилиги, амалиёти ва сайлов комиссиялари тизимидаги сифат ўзгаришлари инсон қадри ҳар нарсадан улуғ деган буюк ғояга мослаштириб такомиллашиб бораётганининг исботидир.

 

Маълумки, 27 октябрь мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади. Бу галги парламент сайловида илк бор аралаш, яъни можаритар-проропционал сайлов тизими амалиётга жорий этилмоқда.

 

Қонунчилик ва сиёсий тизимлар тирик организм сингари доимий тарзда ривожланиб боради. Жумладан, мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилиги ҳам мунтазам такомиллашиб бормоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади.

 

Миллий Парламентимиз қуйи палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат. Бу йил мамлакатимиз тарихида биринчи марта депутатларнинг етмиш беш нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади. Қолган етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати (яъни партия рўйхати) асосида сайланади.

 

Хўш, жаҳонда ўзи қандай сайлов тизимлари мавжуд? Ва аралаш сайлов тизими деганда нима тушунилади?

 

Биринчиси, мажоритар сайлов тизими. Унда сайловчилар аниқ бир шахсга овоз беради. Сайлов бюллетенида депутатлик ўрни учун курашаётган номзодлар кўрсатилади. 2024 йилга қадар мамлакатимизда мажоритар сайлов тизими амал қилган.

 

Иккинчиси, пропорционал сайлов тизими. Унда сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради. Сиёсий партиялар сайловда қўлга киритган овозлари фоизига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини эгаллайди.

 

Учинчиси, аралаш сайлов тизими. У мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг уйғунлашувидан ҳосил бўлган. Бу уйғунлик парламентнинг бир қисми – мажоритар, бошқа бир қисми эса пропорционал тизим асосида шаклланишида намоён бўлади.

 

Аввалги сайлов тизимига кўра Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатлари мажоритар сайлов тизими асосида ҳудудлардаги сайлов округларидан сайланган. Яъни, сайловчилар бюллетенда кўрсатилган депутатликка номзодларга овоз берган.

 

Бу йилги сайловларда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати, аввалгидек, мажоритар сайлов тизими асосида, қолган 75 нафар депутат янги пропорционал сайлов тизими асосида сайланади. Унга кўра сайловчилар бюллетенда кўрсатилган партияларга овоз беришади.

 

Яна бир муҳим янгиликни таъкидлаш жоиз. Аввалги сайловларда гендер тенгликни таъминлаш учун депутатликка номзодлар орасида аёллар камида 30 фоиз бўлиши керак эди.Бу йилги сайловларда бу рақам 40 фоизгача кўтарилди. Сиёсий партия рўйхатидаги кетма-кетликда эса камида ҳар беш номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур