САЙЛОВ КУНИ ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

27.09.2024

157

msk_yangiliklari_in

Бу йил сайлов Қонунчилиги янада такомиллаштирилиб, номзодлар учун қулайликлар яратилди. Яъни бу йилги сайловларда такрорий сайловлар бўлмайди.

 

Можаритар тизимда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаслиги мумкин эди. Бу эса такрорий овоз беришни ўтказиш, қўшимча ташвиш ва харажат талаб этар эди. Жумладан, 2019 йилда ўтказилган парламент сайловларида йигирма бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилган.

 

Бундан ташқари, бўшаб қолган депутатлар ўрнини тўлдириш учун сайлов комиссиялари фаолиятини қайтадан тиклаш зарур. Бу эса минглаб одамларни яна сайлов комиссиялари ишига жалб этиш, сайловчиларни яна овоз беришга даъват қилиш билан боғлиқдир. Пропорционал сайлов тизимининг афзаллиги – бундай ҳолатларда партия томонидан кўрсатилган рўйхат бўйича навбатдаги номзод депутатлик ўрнини эгаллайди. Партиялар томонидан шакллантирилган рўйхатлар жамоатчилик-сайловчилар эътиборига ҳавола қилинади.

 

Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

 

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

 

Сайловчи сайлов куни овоз бериш биносига келгач, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга 4 та сайлов бюллетени берилади:

 

Биринчи бюллетень - оч кўк рангли бўлиб, унда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Иккинчи бюллетень - оч яшил рангли бўлиб, бюллетенда Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этаётган сиёсий партиялар номи;

 

Учинчи бюллетень - оч сариқ рангли бўлиб, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Тўртинчи бюллетень - оч кулранг бўлиб, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар киритилади.

 

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

 

Яна бир муҳим янгилик, Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов амалиётига “E-saylov” ахборот тизими жорий этилди. Ушбу замонавий тизимнинг афзаллиги – сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан қарийб 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

 

“E-Saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам номзодлар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар яратилган. Жумладан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур