Сайлов жараёнларини кўплаб хорижий кузатувчилар ҳам кузатиб бормоқда. Улардан бири - Италиянинг “Cotonella S.p.A.” компанияси бош директори Ренато Спаньоло Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида бўлиб, комиссиянинг овоз бериш кунидаги фаолияти билан қизиқди.
Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Ўрал Останов комиссия томонидан сайлов кунида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, Ренато Спаньоло Қарши шаҳридаги 13-сайлов участкасида бўлиб, ОАВ вакилларига кузатувлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда сайлов учаскаларидаги сайловга тайёргарлик жараёни менда яхши таассурот қолдирди, - деди у. – Ҳаммаси белгиланган тартибда ташкил қилинган. Овоз бериш учун кириб келаётган сайловчиларга тартиблар тушунтирилмоқда. Шунингдек, бюллетенлар ташланаётган қути ҳам ошкора кўриниб турибди. Бу сайловнинг очиқ ва ошкора ўтаётганининг исботи.