Қашқадарё вилояти ҳудудий сайлов комиссияси томонидан навбатдаги брифинг ташкил этилди.

26.10.2024

70

msk_yangiliklari_in

Унда сайлов комиссияси аъзолари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ва сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этдилар.

 

 Брифингда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Ўрал Останов вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган асосий чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

 

Эртага, яъни 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига бутун мамлакатимизда шу жумладан вилоятимизда ҳам катта тайёргарлик кўрилди, - деди Ў.Останов. - Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнга фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида бу сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилмоқда.

 

Бу йилги сайловлар қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга асосан сайлов органларининг янги тизими, яъни Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилади.

 

 

Ҳудудий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этади. Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони – 21 нафар (61,9 фоизи – эркаклар, 38,1 фоизи – аёллар).

 

Ҳудудий сайлов комиссиялари таркибига турли касб эгалари – тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, журналистлар, шифокорлар, муҳандислар жалб этилган. Аъзоларнинг деярли барчаси олий маълумотли мутахассислар экани, аввалги сайловларда тажриба тўплаганлиги комиссияларнинг нуфузини ва масъулиятини янада оширади.

 

Округ сайлов комиссиялари халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этади.

 

Ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан 60 та округ сайлов комиссиялари тузилди.

 

Туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли туман, шаҳар ҳудудида Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этиш мақсадида вилоятнинг 16 та туман ва шаҳрида ташкил этилди.

 

Участка сайлов комиссияларининг асосий вазифалари сайлов куни сайлов участкада овоз беришни ташкил этиш ва овозларни санаб чиқиш ҳисобланади.

 

Ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан 1038 та сайлов участкаси тузилди.

 

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони – 10.524 минг нафар. Аъзоларнинг 47 фоизи аёллардир.

 

Имконияти чекланган шахслар эса 277нафар.

 

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 48 фоизини 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этади.

 

Ўзбекистонда сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш - доимий эътибор қаратилаётган энг муҳим йўналишлардан биридир.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда муваффақиятли қўлланилгани шулар жумласидандир.

 

Миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани, қайд этилганидек, бу йилги сайловдаги муҳим янгилик ҳисобланади.

 

“E-Saylov” интерактив порталида сайловларнинг очиқлигини таъминлаш ва аҳолини сайловга оид маълумотлар билан таъминлаш бўйича бир қатор қулайлик яратилди.

 

Сайлов куни сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида вилоятимизнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди.

 

Бу Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларида, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имкониятини беради.

 

Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан Қашқадарё вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган жами 2300 нафар номзод рўйхатга олинди.

 

Сайловни юқори савияда ташкил этишда сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳамда халқаро сайловга оид стандартлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Сайлов ташкилотчиларининг малакасини ошириш мақсадида каскад усулида уч босқичли ўқув-амалиёт машғулотлари ташкил этилди. Натижада Қашқадарё вилояти бўйича 11 мингдан ортиқ сайлов комиссияси аъзолари, тренерлар ва операторларнинг сайлов қонунчилиги бўйича малакаси оширилди.

 

Ҳудудий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини ҳамиша очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этиб келмоқда.

 

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, журналистлар, шу жумладан, хорижлик журналистлар кузатиб боради.

 

Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга.

 

Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялардан 5 190 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 1 117 нафар кузатувчи рўйхатга олинди.

 

Сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловдаги иштироки учун тегишли инфратузилмавий шароитлар яратилди:

 

– барча сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар етказилди;

 

– овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди;

 

– кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар етказилди;

 

– участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланди.

 

Сайлов қонунчилигига биноан, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки бўлиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сайловда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

 

Сайловчиларнинг рўйхати Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида мавжуд Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига асосан сайлов участкалари кесимида шакллантирилди.

 

Битта сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилди.

 

Вилоятимиз бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 1 872 564 нафар сайловчи киритилди.

 

Сайловда илк маротаба қатнашадиган ёшлар 37.614 нафарни ташкил этади.

 

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга 15 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилди.

 

Сайлов кодексига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Шунга кўра, муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтди.

 

Вилоятимиз ҳудудидаги сайлов участкаларида 153.365 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жорий йилнинг 27 октябрь куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

 

Сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

 

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этиши мумкин.

 

Сайлов участкасида соат 20:00 да овоз бериш тугаганлиги эълон қилинади ва сайлов бюллетенлари бўйича овозлар санаб чиқилади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур